Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хорижда қонуний меҳнат қилаётган фуқароларнинг пенсия таъминоти масаласига тўхталди. Бугунги кунда юртдошларимиз 40 дан ортиқ давлатда ишлаб, солиқлар билан бир қаторда пенсия бадалларини ҳам тўлаб келмоқда. Бироқ, уларнинг хориждаги иш стажи Ватанга қайтганидан сўнг пенсия тайинлашда тўлиқ ҳисобга олинмаётгани муаммо бўлиб қолмоқда.
Давлат раҳбари ушбу масалани ҳал этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Жорий йилда Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия билан иш стажи ва пенсия ҳуқуқини ўзаро тан олиш бўйича битимлар имзоланган бўлса, эндиликда Россия, Германия, Япония, Корея, Болтиқбўйи ва Болқон давлатлари билан ҳам худди шундай келишувларга эришиш топширилди. Масъул идораларга музокараларни жадаллаштириб, йил якунига қадар аниқ натижаларга эришиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, йиғилишда миграциядан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши хориждан қайтган. Уларнинг касби ва иш стажи акс этадиган махсус платформа яратилиб, ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади. Йил якунигача қайтган 250 минг кишини иш билан таъминлаш ёки тадбиркорликка йўналтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, келгуси йилдан фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифаси хусусий бандлик агентликларига ўтказилиши ҳамда хорижда муаммога дуч келганлар учун "Онлайн маҳалла" платформаси орқали ёрдам сўраш имконияти яратилиши маълум қилинди.









