Россия ҳудудида 1-октябрдан бошлаб хорижлик фуқароларнинг ҳужжатлари ва меҳнат фаолиятини текшириш бўйича навбатдаги босқич бошланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида рейдларни кучайтириши кутилмоқда.
Текширувлар асосан қурилиш майдончалари, омборхоналар, бозорлар, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, етказиб бериш хизмати ва йўловчи ташиш соҳаларида ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, хорижлик фуқаролар яшайдиган манзиллар ҳам назоратга олиниши мумкин.
Аввалроқ ўтказилган «Нелегал-2026» операциясининг биринчи босқичи доирасида 60,2 мингта қоидабузарлик аниқланган. Мазкур тадбирлар натижасида 14,6 минг нафар хорижлик фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилган ва депортация қилинган, шунингдек, 10,4 минг нафар иш берувчи жавобгарликка тортилган.
Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик мигрантларга ўз ҳужжатларини қайта текшириб чиқиш тавсия этилади. Хусусан, миграция ҳисоби, қонуний бўлиш муддати, меҳнат шартномаси ва ишга жойлашишнинг қонунийлиги, миграция картаси ҳамда назорат остидаги шахслар реестрида чекловлар мавжуд эмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.









