Челябинск шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган ноқонуний хостеллар маҳаллий аҳолининг эътирозига сабаб бўлди. Фуқаролар ижтимоий тармоқлар орқали ушбу хонадонларда кўплаб хорижликлар истиқомат қилаётгани, бунинг оқибатида санитария ҳолати ёмонлашгани ва умумий уй-жой коммунал хизматлари учун тўловлар ошиб кетганидан шикоят қилишган.
Ушбу ҳолат Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрыкиннинг эътиборига тушди. Тергов қўмитаси ахборот маркази маълумотларига кўра, мазкур шикоятлар юзасидан текширув ишлари бошланган. Ҳозирда Россия Тергов қўмитасининг Челябинск вилояти бўйича бошқармаси вазиятни ўрганмоқда.
Александр Бастрыкин вилоят тергов бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Алексей Люжинга текширув давомида аниқланган ҳолатлар ва унинг якуний натижалари бўйича ҳисобот беришни топширди. Текширув жараёнида хостелларнинг қонунийлиги ва яшаш шароитлари таҳлил қилинади.
Россияда яшовчи мигрантлар учун ушбу ҳолат яшаш жойини танлашда қонуний ҳужжатларга риоя қилиш муҳимлигини англатади. Ноқонуний ижарага олинган ёки санитария талабларига жавоб бермайдиган хостелларда яшаш ҳуқуқий муаммоларга ва текширувларга сабаб бўлиши мумкин.









