Курскда ноқонуний ишлаган мигрантлар жаримага тортилди

Курск вилоятида миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўйича тезкор-профилактика тадбирлари давом этмоқда. Вилоят ИИБ Миграция масалалари бошқармаси ва жиноят қидирув ходимлари томонидан Курск шаҳридаги янги турар-жой мажмуаси қурилиш майдончасида текширув ўтказилди.
Текширув натижасида тегишли рухсатнома ҳужжатларисиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамда Россия ҳудудида қолиш қоидаларини бузган хориж фуқаролари аниқланди. Ҳуқуқбузар деб топилган барча шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, хорижлик ишчиларни ноқонуний жалб қилган иш берувчига нисбатан ҳам Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.15-моддаси 1-қисми бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Курск вилоятида миграция қонунчилиги бўйича жами 1482 та маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Ушбу давр мобайнида 87 нафар хориж фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш, 8 нафарини депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунингдек, 348 ҳолатда Россияга кириш тақиқланган, 202 та рухсат берувчи ҳужжат бекор қилинган ва 147 нафар шахснинг вақтинча қолиш муддати қисқартирилган.
Ҳозирги вақтда ҳудудда миграция қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Мигрантларга ўз ҳужжатларининг тўғрилигини ва меҳнат фаолияти учун рухсатномалар мавжудлигини доимий назоратда сақлаш тавсия этилади.








