SOS
Хавфсизлик

Мигрантларнинг тиббий кўриги кучайтирилиши мумкин: ЛДПР ОИВ бўйича маълумот сўради

Мигрантларнинг тиббий кўриги кучайтирилиши мумкин: ЛДПР ОИВ бўйича маълумот сўради

ЛДПР партияси вакиллари Россия ИИВ ва Роспотребнадзорга мурожаат қилиб, 2023–2026-йиллар давомида хорижлик фуқаролар орасида аниқланган ОИВ инфекцияси ҳолатлари бўйича аниқ маълумотларни тақдим этишни талаб қилди. Партия, шунингдек, ушбу ташхис сабабли вақтинчалик яшаш рухсатномалари бекор қилинган мигрантлар сони ва эпидемиологик таҳлил натижалари билан қизиқмоқда.

Партия етакчиси Леонид Слуцкийнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида хорижлик ишчилар орасида атрофидагилар учун хавфли бўлган касалликлар, жумладан ОИВ бўйича қарийб 4,5 мингта ҳолат қайд этилган. Сиёсатчи тиббий кўриклар шунчаки маълумотнома олиш учун расмиятчиликка айланиб қолмаслиги кераклигини, текширувлар ҳақиқий касалликларни аниқлашга қаратилиши лозимлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қоидаларга кўра, Россияда 90 кундан ортиқ бўлиб турган меҳнат мигрантлари ва вақтинчалик яшаш рухсатномасига эга хорижликлар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. ЛДПР раҳбарияти тиббий кўрикдан бўйин товлаш ёки маълумотномаларни қалбакилаштириш ҳолатларида қонуний жавобгарликни кучайтириш ҳамда рухсатномаларни бекор қилиш ва мамлакатдан чиқариб юбориш чораларини қатъий ижро этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Ушбу ташаббус мигрантлар учун тиббий назорат тартиб-қоидалари янада қатъийлашиши ҳамда тиббий маълумотномаларни расмийлаштириш жараёнида текширувлар чуқурлашиши мумкинлигини англатади. Мигрантлар ўз соғлиғи ҳолатини назорат қилишлари ва Россия қонунчилигида белгиланган мажбурий йиллик тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтишлари талаб этилади.

14.10.20261