Москва шаҳар транспорт департаменти маълумотига кўра, ноябрь ойида пойтахтнинг тўртта округида ер усти транспортида йўлкира ҳақини тўлаш бўйича кучайтирилган текширувлар ўтказилмоқда. Назорат тадбирлари ҳар ҳафта ташкил этилиб, йўловчиларнинг чипталари транспортдан тушиш вақтида текширилмоқда.
Ушбу текширувларда полиция ходимлари ҳам иштирок этмоқда. Улар жамоат тартибини сақлаш билан бир қаторда, йўловчиларнинг миграция қонунчилигига риоя этишини ҳам назорат қилади. Назоратчилар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни ва имтиёзли йўлкира ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар йўловчида ҳужжатлар бўлмаса, полиция ходимлари шахсни аниқлаштириш учун уни энг яқин бўлимга олиб бориши мумкин.
2026-йилнинг учинчи чорагида ўтказилган текширувлар натижасида 2,6 мингдан ортиқ йўловчи чиптасиз юргани учун жаримага тортилган. Умуман олганда, жорий йилнинг шу даврида жами 97 мингга яқин йўловчи жаримага тортилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 фоизга камроқдир. Йил бошидан буён 40 та кучайтирилган текширув ўтказилиб, 7,3 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 9-январдан бошлаб чиптасиз юриш ёки имтиёзли картадан нотўғри фойдаланганлик учун жарима миқдори 5 минг рублни ташкил этади. Жаримани тўлаш учун 60 кун муддат берилади, қарор устидан шикоят қилиш учун эса 10 кун вақт ажратилган. Шунингдек, белгиланган меъёрдан ортиқ юк ташиганлик учун 1 минг рубл миқдорида жарима белгиланган.









