10-август куни Россиянинг Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрига уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, улардан 8 нафари Ўзбекистон фуқаролари екани маълум қилинди. Ҳозирги вақтда ҳалок бўлган ватандошларимизнинг жасадлари ватанига юборилгани хабар қилинмоқда.
Нижнекамск шаҳри раҳбари Радмир Белаевнинг маълум қилишича, ҳудудда жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига кўрсатиладиган молиявий ёрдам ҳажми икки бараварга оширилган. Татаристон ҳукумати томонидан ажратилган маблағлардан ташқари, марҳумлар ишлаган корхоналар ҳам оилаларга қўшимча 2 миллион рубл миқдорида товон пули тўлаб беради.
Шунингдек, ҳужум оқибатида жароҳат олганларга ҳам ёрдам кўрсатилмоқда. Соғлиғига етказилган зарар даражасига қараб, жабрланганларга 300 мингдан 600 минг рублгача миқдорда товон пули белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу тўловлар тегишли тартибда амалга оширилмоқда.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов мазкур фожиа муносабати билан Ўзбекистон ва Тожикистон президентларига ҳамдардлик билдириб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига далда берди. Ҳужум юзасидан Россия Тергов қўмитаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.









