Қозон халқаро аэропортида хорижлик фуқароларнинг мамлакатда бўлиш қоидаларига риоя этишини назорат қилувчи махсус пункт ўз ишини бошлади. Россия ИИВ вакили Ирина Волкнинг маълум қилишича, ушбу бўлинманинг асосий вазифаси миграция қонунчилигини бузган шахсларни аниқлашдан иборат.
Россия бўйлаб жами 12 та шундай назорат пункти ташкил этилган. Улар Москва, Санкт-Петербург, Сочи, Новосибирск, Красноярск ва Екатеринбург каби йирик шаҳарларнинг аэропортларида фаолият юритмоқда. Келгусида ИИВ бундай постларни темир йўл станциялари, автомобиль йўллари ва сув транспорти ўтказиш пунктларида ҳам очишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Қозон аэропортида келаётган хорижликларнинг биометрик маълумотларини йиғиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Бунинг учун махсус бармоқ изи сканерларидан фойдаланилади. Ушбу чоралар мамлакатдан чиқариб юборилган ёки қидирувда бўлган шахсларнинг Россия ҳудудига киришининг олдини олишга қаратилган.









