Ростов полицияси томонидан курьерлик хизмати ходимлари ўртасида навбатдаги профилактик рейд ўтказилди. Текширув жараёнида жами 78 нафар курьер назоратдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 51 нафари хорижий давлат фуқаролари эканлиги маълум бўлди.
Текширув натижаларига кўра, 5 нафар хорижлик ишчида қонунбузарликнинг 9 хил ҳолати қайд этилди. Хусусан, ушбу шахсларда ишлаш учун рухсат берувчи патентнинг мавжуд эмаслиги ҳамда Россияда бўлиш қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган 3 нафар хорижлик курьер ҳам аниқланди. Уларда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тегишли суғурта ҳужжатлари бўлмаган. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларида текширилган курьерлардан бири тақдим этган миграция ҳисоби бўйича ҳужжатнинг ҳақиқийлигига нисбатан шубҳа уйғонган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда. Мигрантларга ўз ҳужжатларини, жумладан, патент ва миграция ҳисобини доимо қонуний тартибда сақлаш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш тавсия этилади.









