Ростов-на-Дону шаҳрининг Темерник микрорайонида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан оммавий профилактик тадбир ўтказилди. Ростов вилояти ИИВ бошқармаси маълумотларига кўра, рейд давомида жами 72 нафар шахс текширувдан ўтказилиб, полиция бўлимига келтирилган.
Текширилганлар орасида 30 нафар хорижий давлат фуқароси ҳамда Россия фуқаролигини олган 42 нафар шахс бор. Рейд натижасида жами 5 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилган. Улардан 3 таси Россия ҳудудида бўлиш тартибини бузиш (Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми) билан боғлиқ.
Шунингдек, яна 2 та ҳолатда қабул қилувчи томоннинг миграцион ҳисобга олиш бўйича мажбуриятларини бажармагани аниқланган (Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.9-моддаси 4-қисми). Ушбу моддалар бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилган.
Полиция вакиллари миграция қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилишини маълум қилди. Мигрантларга ўз ҳужжатларини доимо тартибда сақлаш ва яшаш ҳамда ишлаш қоидаларига қатъий амал қилиш тавсия этилади.









