Россия ИИВнинг Уфа шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари ўтган дам олиш кунлари Ленинский ва Кировский туманларида кенг кўламли профилактик рейд ўтказди. Тадбирнинг асосий мақсади жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлашдан иборат бўлди.
Рейд давомида полиция ходимлари 20 га яқин объект, жумладан, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканларини текширди. Миграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш жараёнида 17 нафар хорижлик фуқаро аниқланиб, текширув учун полиция бўлимларига олиб кетилди.
Шунингдек, рейд ҳудудларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 20 дан ортиқ ҳолат қайд этилди. Текширувлар давомида алкоголь маҳсулотларини сотиш қоидалари бузилгани ҳам аниқланиб, акциз маркаларига эга бўлмаган 70 дан ортиқ спиртли ичимлик мусодара қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, жами 16 нафар фуқаро турли маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, тунги вақтда катталар кузатувисиз юрган беш нафар вояга етмаган шахс аниқланиб, уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакилларига нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 5.35-моддаси бўйича баённомалар тузилди.









