Чувашистон Республикасининг Комсомолск округида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактика тадбири давомида Ўзбекистон давлат рақамига эга «Yutong» русумли автобус тўхтатилди. Текширув жараёнида транспорт воситаси салонида бўлган 64 нафар йўловчининг ҳужжатлари кўздан кечирилди.
Аниқланишича, йўловчилар орасида 18 нафар шахс Россияда қонуний бўлиш асосларини йўқотган. Мазкур фуқаролар миграция қонунчилигини бузганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд қарорига кўра, ушбу шахслар Россиядан мажбурий тартибда чиқариб юборилади ва уларга 5 йил муддатга мамлакатга кириш тақиқланади. Ҳозирда улардан 5 нафари Ички ишлар вазирлигининг хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
Текширув давомида жами 40 та ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилди. Мигрантлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш ҳамда Россияга киришда эълон қилинган мақсадга риоя қилмаслик каби қоидаларни бузганликда айбдор деб топилди.
Шунингдек, автобус ҳайдовчисига нисбатан ҳам чора кўрилди. У ноқонуний мақомдаги ҳар бир йўловчи учун 2,5 минг рублдан жарима тўлаши белгиланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мигрантларни Россия ҳудудида бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилишга ва барча ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга чақирмоқда.









