Москва вилоятининг Жуковский шаҳрида ўн кун давом этган «Нелегал-2026» тезкор-профилактика тадбирлари якунланди. Полиция ходимлари қурилиш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги объектларида текширувлар ўтказиб, 171 нафар хорижлик фуқарони ички ишлар бўлимларига олиб келди.
Текширувлар натижасида миграция қоидаларини бузган шахсларга нисбатан жами 170 дан ортиқ маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Хусусан, 127 та ҳолатда бўлиш тартибини бузиш, 24 та ҳолатда ноқонуний меҳнат фаолияти, 12 та ҳолатда миграция ҳисобига қўйишда ёлғон маълумот бериш ва 7 та ҳолатда белгиланган жазони ижро этишдан бўйин товлаш аниқланган. Ҳуқуқбузарларга 3 мингдан 400 минг рублгача жарималар солинди.
Кўрилган чоралар натижасида 121 нафар шахс Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилиши белгиланди, яна 7 нафар мигрант эса хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилди. Шунингдек, ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва сохта рўйхатга олиш айблови билан 62 ёшли Марказий Осиё фуқароси ҳамда 66 ёшли маҳаллий аҳоли вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, хорижликларни ноқонуний ишга жалб қилган бир ташкилот ва уч нафар фуқарога нисбатан маъмурий иш очилди. Яна уч киши қабул қилувчи томон сифатида миграция ҳисобини юритиш мажбуриятларини бажармагани учун жавобгарликка тортилмоқда.









