Красноярск ўлкаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўтган ҳафта давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижаларини эълон қилди. Рейдлар давомида 160 дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш объектлари, қурилиш майдончалари ҳамда хорижликлар яшайдиган манзиллар текширилди.
Текширувлар натижасида жами 111 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган. Хусусан, хорижлик ишчиларни ноқонуний жалб қилган иш берувчиларга нисбатан 39 та баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, хорижликларни ноқонуний тарзда уйида рўйхатдан ўтказган икки нафар маҳаллий фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Қайд этилишича, 28 нафар мигрант белгиланган муддатда мамлакатдан чиқиб кетмагани учун уларни мажбурий тартибда чиқариб юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, миграция қоидаларини бузган 193 нафар хорижлик учун Россияга кириш 3 йилдан 5 йилгача муддатга тақиқланди. Яна 52 нафар чет эл фуқаросининг вақтинча бўлиш муддатлари қисқартирилди.
Мутахассислар мигрантларга миграция қонунчилигига риоя қилишни, иш берувчилар билан тузилган шартномаларни ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳужжатларини доимий назоратда сақлашни эслатиб ўтади.









