Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси хабарига кўра, 2026-йил 8-ноябр куни "Дунай" ва "Огонек" боғдорчилик ширкатлари ҳудудида миграция қонунчилигига риоя этилишини текшириш бўйича рейд ўтказилди. Тадбир ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Текширувлар Морозов номиidagi порох заводига туташ ҳудудларда олиб борилди. Рейд давомида жами 894 та уй ва 2 та автосервис кўздан кечирилди. Назорат тадбирлари натижасида 197 нафар шахс текширувдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 18 нафари хорижий фуқаролар экани аниқланди.
Текширилган хорижликлар орасида 4 нафар шахсда Россия Федерацияси миграция қонунчилигини бузиш (Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси) ҳолатлари қайд этилди. Ҳозирги вақтда ушбу шахсларни Россия ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, рейд давомида хусусий уйлардан бирида тақиқланган ўсимлик етиштириш ҳолати аниқланган ва тегишли маъмурий баённома тузилган. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ҳайдовчиларга нисбатан 5 та маъмурий баённома расмийлаштирилди: улар орасида ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш, рўйхатдан ўтмаган транспорт воситасидан фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш каби ҳолатлар мавжуд.









