Нижний Новгород вилояти суд ижрочилари хизмати маълумотларига кўра, 2026-йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган 1200 нафардан ортиқ хорижий фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилган. Расмийларнинг қайд этишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар юқоридир.
Суд ижрочилари хизмати вакили Наталья Степинанинг сўзларига кўра, чиқариб юборилганлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, Куба, Конго, Ҳиндистон ва Ветнам фуқаролари ҳам қайд этилган. Мигрантларни чиқариб юбориш бўйича кўрсаткичлар сўнгги уч йил давомида мунтазам ўсиб бормоқда.
Мутахассислар жараённинг тезлашганини тартиб-қоидаларнинг соддалаштирилгани билан изоҳламоқда. Хусусан, агар хорижий фуқаро ўз маблағи ҳисобидан йўл чиптасини сотиб олишга тайёр бўлса, у 72 соат ичида Россиядан чиқариб юборилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия қонунчилигига кўра, мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган ёки ҳужжатлари муддати ўтган хорижликлар маъмурий жавобгарликка тортилиши ва мажбурий тартибда чиқариб юборилиши мумкин. Мигрантларга ўз ҳужжатлари ва Россияда қонуний бўлиш асосларини доимий назоратда сақлаш тавсия этилади.









