Санкт-Петербургнинг Невский туманида жойлашган Дыбенко кўчасидаги савдо-кўнгилочар мажмуаси яқинида пичоқбозлик билан якунланган жанжал юз берди. Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси хабарига кўра, воқеа 21-сентябрга ўтар кечаси содир бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, эркаклар ўртасидаги келишмовчилик қарз масаласи сабабли юзага келган. Можаро давомида иштирокчилардан бири пичоқ билан жароҳатланган. Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан 22 ёшдан 33 ёшгача бўлган 7 нафар Марказий Осиё давлатлари фуқароси қўлга олинди.
Қўлга олинганлар орасида билагидан жароҳат олган шахс ҳам бўлиб, у шифохонага ётқизилган ва унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган. Текширув давомида гуруҳ аъзоларидан бирида пичоқ борлиги аниқланган, шунингдек, икки киши Россия миграция қонунчилигини бузиб, мамлакатда ноқонуний яшаб келаётгани маълум бўлган.
Ушбу ҳодиса иштирокчиларининг барчасини Россия ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни дамда улардан 5 нафари ўз ватанига жўнатилгани хабар қилинмоқда.









