Россия ИИВнинг Мордовия Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан 11-ноябр куни Қозон халқаро аэропорти орқали жиноят содир этган хорижликлар депортация қилинди. 1983 ва 1990-йилларда туғилган шахслар гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотиш ҳамда ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш айби билан 4,5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаган.
Жазо муддати тугагач, ушбу шахсларнинг Россия ҳудудида бўлиши исталмаган деб топилди. Улар депортация жараёни амалга оширилгунга қадар хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида ушлаб турилди. Давлат чегарасини кесиб ўтганларидан сўнг, уларга нисбатан Россияга киришни узоқ муддатга тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, 13-ноябр куни Мордовия Республикаси суд ижрочилари хизмати ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган яна 3 нафар хорижий фуқарони мамлакатдан чиқариб юборди. 2000, 2002 ва 2005-йилларда туғилган ушбу шахслар Россия ҳудудида бўлиш тартибини бузганлик ҳамда маъмурий жазони ижро этишдан бўйин товлаганликда айбдор деб топилган.
Ушбу шахслар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиб, чиқариб юборилгунга қадар вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган эди. Уларга нисбатан ҳам Россия Федерацияси ҳудудига киришни узоқ муддатга тақиқлаш чоралари кўрилди. Полиция ходимлари миграция қонунчилиги устидан назорат тадбирларини давом эттирмоқда.









