SOS
Диаспора

Москвада ўзбек диаспорасини "тикламоқчи" бўлган блогер Путинга видеомурожаат қилди

Москвада ўзбек диаспорасини "тикламоқчи" бўлган блогер Путинга видеомурожаат қилди

Ижтимоий тармоқларда ўзини асли ўзбекистонлик, ҳозирда Россия Федерацияси фуқароси деб таништирган блогер ва Москвада такси ҳайдовчиси бўлиб ишловчи Мухтор Абдуллаев томонидан Россия Президенти Владимир Путинга йўлланган видеоариза тарқалди.

Мурожаатда Москвадаги «Ўзбек диаспораси»ни қайта тиклаш ва унга ўзини раҳбар этиб тайинлаш сўралган. Аввало, мазкур видео Россияда фаолияти тақиқланган ва экстремистик ташкилот деб топилган ижтимоий тармоққа жойлаштирилган бўлиб, Россия давлат органлари тақиқланган платформалардаги чиқишларни расмий мурожаат сифатида қабул қилмайди. Бу эса ушбу хатти-ҳаракат муаммони ҳал қилиш эмас, балки тармоқларда эътибор қозониш ва хайп кўтариш мақсадида қилинганлигидан далолат беради.

Москвадаги ўзбек диаспорасини бундай видео орқали «тиклаш» ҳуқуқий жиҳатдан имконсиз, чунки 2024-йил 7-май куни Москва шаҳар суди Россия Адлия вазирлиги (Минюст) даъвоси билан «Москва шаҳридаги Ўзбек миллий-маданий автономияси»ни расман тугатган. Ушбу ташкилот бир неча йил давомида Минюстга молиявий ҳисобот топширмагани, кўрсатилган юридик манзилда мавжуд бўлмагани ва расмий огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдиргани сабабли тугатилган.

Россия қонунчилигига кўра, мамлакат Президенти жамоат ташкилотларига раҳбар тайинлаш ваколатига эга эмас; жамоат бирлашмалари раҳбарлари давлат томонидан эмас, таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ва сайлови орқали белгиланади.

Россия Федерациясининг «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ўзбек миллатига мансуб шахслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш истагида бўлган ҳар қандай шахс камида 3 нафар фуқаро билан бирга янги устав тузиб, Адлия вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтиши шарт. Давлат раҳбарига мурожаат эса фақат расмий электрон қабулхона (letters.kremlin.ru) ёки почта орқали юборилади. Хулоса қилиб айтганда, М. Абдуллаевнинг мурожаати ҳуқуқий саводхонликдан йироқ бўлиб, Россияда жамоат ташкилотлари раҳбарлиги интернетдаги видеолар орқали эмас, қонуний тартиб-таомиллар ва суд қарорлари асосида белгиланади.

12.09.20262