Россиядан қаровсиз қолган 7 нафар бола Ватанга қайтарилди

2026-йил 15-сентябр куни Россия Федерациясидан ота-она қарамоғисиз қолган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ушбу болаларнинг 3 нафари жазо муддатини ўтаётган оналари томонидан Ўзбекистон вакилларига топширилган. Мазкур жараён Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасалари кўмагида амалга оширилди.
Ушбу гуруҳнинг қайтиши билан Россияга уюштирилган хизмат сафари якунланди. Умумий ҳисобда, хизмат сафари давомида Россиядан 30 нафар, Қозоғистондан эса 2 нафар, жами 32 нафар вояга етмаган бола Ватанга қайтарилди. Қайтарилган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни оилавий муҳитга мослаштириш ҳамда ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Болаларнинг келгуси тақдири ва оилага мослашуви жараёни яшаш манзиллари бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан ижтимоий ҳамроҳлик асосида назорат қилиб борилади. Давлат идоралари хорижда қийин аҳволда қолган вояга етмаганларни Ватанга қайтариш ишларини давом эттирмоқда.
Хусусан, яқин вақт ичида Грузиядан 1 нафар вояга етмаган болани Ватанга қайтариш учун хизмат сафари уюштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, Туркия Республикаси билан ҳам болаларни қайтариш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.








