Россияда ишловчи муҳожирлар учун рус тили ва касбий терминология курслари очилади

Томск давлат университети (ТДУ) ва Хорижий фуқароларни ижтимоий ва маданий мослаштириш маркази вакиллари мигрантлар учун рус тили таълимини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ҳамкорлик доирасида хорижлик ишчиларнинг тил кўникмаларини ошириш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш учун янги форматлар ишлаб чиқилмоқда.
Университет вакилларининг таъкидлашича, таълим дастурлари мигрантларнинг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Хусусан, муҳандислар ва қурувчилар учун мўлжалланган махсус курсларда соҳавий терминологияни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ишчиларнинг ўз иш жойларида самаралироқ мулоқот қилишига ёрдам бериши кўзда тутилган.
Шунингдек, ўқувчилар учун «narusskom.online» таълим платформаси ҳам мавжуд. Мазкур ресурс орқали хорижий фуқаролар рус тили тестларига бепул тайёргарлик кўришлари мумкин. Марказ раҳбарияти ушбу имкониятлар мигрантларнинг тил ўрганишдаги қийинчиликларини камайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Томскдаги мослаштириш маркази яқин келажакда ТДУ билан ҳамкорлик доирасидаги янги ўқув дастурлари ва курслар ҳақида қўшимча маълумотларни тақдим этишини маълум қилди. Мигрантлар мазкур марказ орқали таълим олиш имкониятлари ҳақида янгиликларни кузатиб боришлари тавсия этилади.








