Москвада Россиянинг MAX мессенжери интерфейсининг ўзбек тилидаги версияси тақдим этилди. Мазкур янгилик платформадан фойдаланувчи ўзбекистонликлар учун қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилди. Дастурчиларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон мессенжернинг хорижий фойдаланувчилари орасида биринчи ўринда туради.
Статистикага кўра, мессенжернинг 11,5 миллион хорижий фойдаланувчисидан қарийб 4 миллиони Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Республикадаги фойдаланувчилар кунига ўртача 11,7 миллионта хабар алмашади ва 1,3 миллионта қўнғироқни амалга оширади. Компания бош директори Фарит Хуснуяров ўзбекистонлик аудитория платформа учун энг муҳим хорижий йўналиш эканлигини таъкидлади.
Тақдимот давомида киберхавфсизлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Фойдаланувчиларга аккаунтларни ҳимоялаш учун икки босқичли аутентификация, махфийлик созламалари, оилавий режим ҳамда шубҳали ҳаволалар ва хабарларни аниқлаш механизмлари тақдим этилди.
Маълумот учун, 2026-йил октябр ойи бошига келиб мессенжерда жами 140 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. MAX платформаси 2025-йил 26-мартда ишга туширилган бўлиб, ўша йилнинг июл ойида Россиянинг миллий мессенжери мақомини олган.









