SOS
Ҳужжатлар

298 нафар хорижликнинг ҳужжатлари бекор қилиниши мумкин: ноқонуний сертификат берган гуруҳ судланди

298 нафар хорижликнинг ҳужжатлари бекор қилиниши мумкин: ноқонуний сертификат берган гуруҳ судланди

Перм шаҳрининг Ленинский туман суди 2021-йилдан 2024-йилгача бўлган даврда ноқонуний миграция билан шуғулланган жиноий гуруҳ устидан ҳукм чиқарди. Гуруҳ аъзолари Камил Бекмуратов, Татьяна Доппельмайер ва Анастасия Баталова 298 нафар хорижлик фуқаронинг Россияда қонуний бўлиши учун зарур бўлган ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топилди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ хорижликлар учун рус тили, тарихи ва қонунчилик асослари бўйича мажбурий имтиҳонларни сохта йўл билан ташкил этган. Номзодларга имтиҳон саволларининг жавоблари олдиндан айтиб берилган ёки уларнинг ўрнига бошқа шахслар тест топширган. Натижада, хорижликлар ҳақиқий билимга эга бўлмасдан, сертификатларга эга бўлишган ва ушбу ҳужжатлар орқали Россияда қонуний мақом олган.

Суд қарорига кўра, Татьяна Доппельмайер 7 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 900 минг рубл жаримага тортилди. Камил Бекмуратов 7 йилга қатъий тартибли колонияга ҳукм қилинди ва 1 йил муддатга озодлиги чекланди. Анастасия Баталова эса 1 йил 6 ой муддатга умумий тартибли колонияга жўнатилди. Ҳозирда суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу жиноий гуруҳ фаолияти Перм ўлкаси, Москва, Тула, Самара ва Калуга вилоятларини қамраб олган. Ушбу иш бўйича бошқа гумондорларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва уларнинг ишлари тегишли туман судларига юборилган.

22.09.20263