Россияда меҳнат патенти олган хорижлик фуқаролар ҳужжат берилган кундан бошлаб икки ой муддат ичида меҳнат фаолиятини бошлагани тўғрисида Россия ИИВ органларини хабардор қилиши лозим. Ушбу муддатга риоя қилмаслик ёки белгиланган тартибда хабар бермаслик патентнинг автоматик равишда бекор қилинишига олиб келади. Бундай ҳолатда патентни қайта тиклаш имконсиз бўлиб, барча ҳужжатларни яна бошидан расмийлаштиришга тўғри келади.
Меҳнат фаолиятини бошлаганлик ҳақидаги билдиришномани учта усулда тақдим етиш мумкин. Биринчиси, «Госуслуги» портали орқали (тасдиқланган шахсий кабинет мавжуд бўлганда), иккинчиси, патент олинган ҳудуддаги Россия ИИВ бўлимига шахсан ташриф буюриб, учинчиси еса «Почта России» орқали қимматли хат сифатида юбориш орқали амалга оширилади.
«Госуслуги» портали орқали хабар бериш учун тизимга кириб, тегишли бўлимни танлаш керак. Бунда фойдаланувчи паспорт маълумотлари, патент рақами, иш берувчи (компания номи ёки СТН), меҳнат шартномаси ҳамда тиббий суғурта полисига оид маълумотларни киритиши ҳамда шартноманинг нусхасини юклаши талаб етилади. Маълумотлар юборилгач, Россия ИИВ уни бир иш куни давомида кўриб чиқади.
Агар билдиришномада хатоликлар аниқланса, тизим орқали рад жавоби келиши мумкин. Бундай ҳолатда хабарда кўрсатилган камчиликларни тузатиб, қайтадан юбориш лозим. Муҳими, ушбу жараённи патент берилган кундан бошлаб икки ой ичида якунлаш керак. Мутахассислар ҳужжат топширишни охирги кунга қолдирмасликни, юзага келиши мумкин бўлган хатоларни ўз вақтида бартараф етишни тавсия қилади.









