Россия Давлат думаси депутати Сергей Миронов Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) мурожаат қилиб, меҳнат мигрантларига давлат хизматларини кўрсатишда воситачилик қилувчи тижорат фирмалари фаолиятини тўхтатиш зарурлигини билдирди. Депутатнинг таъкидлашича, ушбу соҳада коррупция ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Сиёсатчи ушбу таклифини Россия ИИВ ҳузуридаги «Паспорт-виза сервиси» (ПВС) тизимида кузатилаётган қатор можаролар билан изоҳлади. Хусусан, Екатеринбургдаги филиалнинг собиқ раҳбари 1,24 миллиард рубль миқдорида ноқонуний даромад олганликда айбланмоқда. Мироновнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Камчатка, Новосибирск, Иваново, Брянск, ХМАО, Нижний Новгород, Барнаул ва Владимир шаҳарларидаги филиал раҳбарлари ҳам турли жиноий ишлар бўйича терговга тортилган.
Депутатнинг фикрича, мигрантлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни давлат томонидан тўлиқ назорат қилиниши ва белгиланган тарифлар асосида амалга оширилиши керак. У тижорат воситачиларининг иштирокини тақиқлаш орқали мигрантларнинг ортиқча харажатларининг олдини олиш ва тизимда шаффофликни таъминлашни мақсад қилган.
Миронов, шунингдек, айрим воситачиларнинг фаолияти мигрантлар оқимини назоратсиз қолдиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, давлат хизматларини кўрсатишда фақат давлат органларининг монополияси сақланиб қолиши керак.









