Москва вилоятида хорижлик фуқаролар учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича янги қоидалар жорий этилди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияга кириб келганидан сўнг 15 кун ичида миграция ҳисобига туриши шарт. Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари учун бу муддат 30 кун, бошқа хорижликлар учун эса 7 иш кунини ташкил этади.
Меҳнат мигрантлари кириб келганидан сўнг 30 календарь кун ичида дактилоскопия ва суратга тушиш тартибидан ўтиши керак. 90 суткадан ортиқ қолишни режалаштирганлар учун тиббий кўрикдан ўтиш муддати 30 календарь кун этиб белгиланган ва уни ҳар йили такрорлаш талаб этилади. Патент олиш учун ариза «Сахарово» кўп функцияли миграция марказига 30 календарь кун ичида топширилиши лозим. Ҳужжатларни расмийлаштириш 10 иш кунини олади, муддатларни бузиш 10 мингдан 15 минг рублгача жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб Москва ва Москва вилоятида «Амина» иловасидан фойдаланиш мажбурияти кенгайтирилди. Эндиликда талабалар, меҳнат мигрантларининг оила аъзолари ва 90 кундан ортиқ муддатга хусусий ишлар билан келганлар ушбу иловани юклаб олиши шарт. Илова хорижликнинг рўйхатдан ўтган манзилида яшаётганини назорат қилади.
Агар фойдаланувчининг геолокацияси 3 иш кунидан ортиқ вақт давомида аниқланмаса, хорижлик миграция ҳисобидан чиқарилиши ва назорат остидаги шахслар реестрига киритилиши мумкин. Қоидаларни бузиш ёки бўлиш муддатидан ошиб кетиш 5 мингдан 7 минг рублгача жарима ҳамда мамлакатдан чиқариб юбориш билан жазоланиши мумкин.









