Москва шаҳрида вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) олиш учун квота ажратиш бўйича аризалар қабул қилиш жараёни бошланади. Россия ИИВ маълумотларига кўра, фуқаролар 1, 2 ва 5-октябр кунлари ўз аризаларини топширишлари мумкин.
Аризалар соат 08:30 дан 17:00 гача қабул қилинади. Жараён Москва шаҳри, Вороново муниципал округи, Варшава шоссеси, 64-километр, 1-уй, 47-бино манзилида жойлашган “Сахарово” кўп функцияли миграция марказида амалга оширилади. Ариза топширувчилар марказнинг 1А-кириш қисмига мурожаат қилишлари керак.
Квота олиш учун ариза топширишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: тўлдирилган ва чоп этилган ариза бланкаси, шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) ва унинг нусхаси, Россия Федерациясида қонуний бўлиб турганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (миграция картаси, Москва бўйича миграция ҳисоби) ҳамда 35x45 мм ўлчамдаги фотосурат.
Мигрантлар ҳужжатларни топширишдан аввал барча талабларни диққат билан ўрганиб чиқишлари ва белгиланган муддатларга риоя қилишлари тавсия этилади.









