SOS
Ҳужжатлар

Ноқонуний ҳужжат олган мигрантлар текширилмоқда: Москвада жиноий гуруҳ фош этилди

Ноқонуний ҳужжат олган мигрантлар текширилмоқда: Москвада жиноий гуруҳ фош этилди

Москва шаҳрида ноқонуний миграция канали фош этилди. Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, жиноятда айбланаётган 7 кишилик гуруҳ таркибида ички ишлар органларининг уч нафар собиқ ходими ҳам бор. Гуруҳ аъзолари ноқонуний миграцияни ташкил этиш, чет эл фуқароларини сохта рўйхатга олиш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волкнинг хабар беришича, ушбу шахслар пул эвазига мигрантларга Россия фуқаролиги, яшаш рухсатномаси (ВНЖ) ва бошқа миграция мақомларини олишда ёрдам беришган. Тергов давомида 20 та сохта миграция ҳисобига қўйиш ҳолати аниқланган. Тинтувлар давомида сохта ҳужжатлар, муҳрлар ва бошқа далилий ашёлар мусодара қилинган.

Жиноят иши доирасида Москва ва Москва вилоятида гуруҳнинг фаол аъзолари, сохта уй эгалари ҳамда воситачилик қилган шахслар қўлга олинган. Гумонланувчилар орасида туман миграция бўлинмаларининг икки нафар амалдаги ходими ҳам борлиги маълум қилинди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва ушбу схема орқали ҳужжат олган барча шахсларнинг қилмишлари текширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россияда миграция қонунчилигини бузиш, жумладан, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Аввалроқ Россия президенти томонидан имзоланган қонунга кўра, чет эл фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш (депортация) асослари кенгайтирилган эди.

28.09.20267