Екатеринбургдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари оғир вазиятга тушиб қолган ватандошимизга ёрдам кўрсатди. Тошкент вилоятидан бўлган А.Д. исмли фуқаро 2026-йилнинг январ ойида Свердловск вилоятига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган эди.
Жорий йилнинг июл ойида ҳамюртимиз яшаш жойида йиқилиб тушиши оқибатида умуртқа поғонасидан жиддий жароҳат олган. Маблағи бўлмагани сабабли у зарур тиббий ёрдам ололмаган ва ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган. Шунингдек, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари яроқсиз ҳолга келиб қолган.
Фуқаро 8-сентябр куни Бош консулхонага мурожаат қилганидан сўнг, дипломатлар вазиятни ўрганиб чиқди. Натижада унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилди ва Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Екатеринбург–Тошкент” йўналишидаги авиарейсга чипта харид қилинди.
11-сентябр куни ҳамюртимиз Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ходимлари кузатуви остида Ўзбекистонга эсон-омон қайтарилди.









