Россияда паспорт, СНИЛС, меҳнат патенти ёки миграция картасини йўқотиш жиддий оқибатларга, жумладан, жарималар ва депортацияга олиб келиши мумкин. Бундай вазиятда ҳужжатларни зудлик билан тиклаш чораларини кўриш талаб этилади.
СНИЛС рақамини тиклаш учун "Госуслуги" портали, иш берувчи ёки кўп функцияли марказларга (МФЦ) мурожаат қилиш мумкин. Ҳозирги кунда жисмоний карта берилмайди, маълумотлар электрон шаклда сақланади ва хизмат бепул кўрсатилади. Агар паспорт маълумотлари ўзгарса, СНИЛСдаги маълумотларни ҳам янгилаш лозим.
Миллий паспорт йўқолганда, аввало, полицияга ариза бериб, маълумотнома олиш керак. Шундан сўнг, Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасаларига мурожаат қилинади. Консуллик паспортни тиклаш ёки ватанга қайтиш учун гувоҳнома бериш масаласини ҳал қилади. Паспорт йўқлигини тасдиқловчи полиция маълумотномаси жарималардан ҳимоя қилади.
Меҳнат патенти йўқолганда, унинг дубликатини олиш учун "Госуслуги" ёки ИИВ миграция бўлимига мурожаат қилиш зарур. Дубликат олиш учун давлат божи 2 100 рублни ташкил этади. Муҳим қоида: ариза патентнинг тўланган муддати тугагунига қадар топширилиши шарт, акс ҳолда патент бекор қилинади.
Миграция картасини тиклаш учун полициядан йўқотилганлик ҳақида маълумотнома олиб, яшаш жойидаги ИИВ миграция бўлимига бориш керак. У ерда бармоқ излари олиниб, дубликат расмийлаштирилади. Ҳужжат тиклангач, яшаш жойи бўйича қайта рўйхатдан ўтиш (уведомление) талаб этилади.









