Новосибирск вилояти суд департаменти бошқармаси маълумотларига кўра, 37 ёшли маҳаллий фуқаро ўзининг икки хонали квартирасида 81 нафар хорижий фуқарони сохта рўйхатдан ўтказган. Ушбу ҳолат юзасидан Россия ИИВ органлари томонидан текширув ўтказилиб, ноқонуний миграцияни ташкил этиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, мазкур шахс ўтган йилнинг ёз ойларида Калининский туманидаги ўз уйига хорижликларни расмийлаштирган. Тергов жараёнида у ушбу хизмати эвазига жами 420 минг рублдан ортиқ пул мукофоти олгани аниқланган. Аввалроқ фирибгарлик ва қотилликка уриниш жиноятлари учун судланган ушбу шахсга нисбатан март ойида Заельцовский туман суди томонидан 2 йил муддатга қатъий тартибли колонияда жазо ўташ белгиланган.
Суд ҳукми қонуний кучга кирган. Шунингдек, 7-декабрдан бошлаб Калининский туман суди прокурорнинг ноқонуний йўл билан топилган маблағларни ундириш бўйича даъволарини кўриб чиқишни бошлайди.
Мигрантлар учун ушбу ҳолат муҳим огоҳлантириш ҳисобланади: яшаш жойи бўйича сохта рўйхатдан ўтиш Россия қонунчилигига кўра жиддий ҳуқуқбузарлик саналади. Бундай рўйхатга олиш ҳужжатлари бекор қилиниши ва хорижий фуқароларнинг миграция мақомига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.









