Россия ҳудудида бўлиб турган барча хорижий фуқаролар, шу жумладан ёш болалар учун ҳам тиббий суғурта полиси мажбурий ҳисобланади. Ушбу ҳужжат мамлакатда бўлишнинг бутун даври учун амал қилиши керак.
Суғурта олишнинг икки хил йўли мавжуд. Биринчиси — ихтиёрий тиббий суғурта (ДМС) полиси бўлиб, у меҳнат мигрантларининг фарзандлари учун асосий вариант ҳисобланади. Ушбу полисни 6, 9 ёки 12 ой муддатга расмийлаштириш мумкин. Нархлар танланган хизматлар тўпламига қараб ўзгаради: масалан, «Стандарт» дастури учун йиллик тўлов тахминан 5 000 рублни, кенгайтирилган дастурлар эса 8 000 ёки 12 000 рублни ташкил этади.
Иккинчи вариант — мажбурий тиббий суғурта (ОМС) полиси. У бепул тақдим этилади, бироқ фақат Россияда яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) ёки вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП)га эга бўлган хорижликлар учун амал қилади.
Шуни ёдда тутиш керакки, тиббий суғурта полисининг мавжудлиги фарзандларни мактаб ёки болалар боғчасига жойлаштириш учун асосий талаблардан биридир. ДМС полисни расмийлаштириш учун боланинг паспорти (таржимаси билан), миграция картаси ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжат талаб этилади. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида боланинг шахсан ҳозир бўлиши шарт эмас.









