Сочи шаҳрида 50 ёшли эркак хорижлик фуқароларга сохта прописка (вақтинча рўйхатдан ўтиш) сотганликда гумонланиб қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, у ўз уйида 28 нафар хорижликни ноқонуний равишда рўйхатдан ўтказган.
Қайд этилишича, эркак ҳар бир киши учун 3 минг рубль миқдорида ҳақ олган. Айрим ҳолларда эса тўлов сифатида пул ўрнига пиво ва балиқ маҳсулотларини қабул қилган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унга 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
Мигрантлар учун сохта рўйхатдан ўтиш жиддий ҳуқуқий хавфларни келтириб чиқаради. Хусусан, Россия ИИВ органлари томонидан аниқланган сохта прописка ҳолатлари хорижлик фуқароларнинг Россия Федерациясига киришига тақиқ қўйилишига ёки патент олиш жараёнида рад жавобини олишига сабаб бўлиши мумкин.
Россия ИИВ келгуси йилдан бошлаб ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун махсус таҳлилий марказ ишга туширишни режалаштирмоқда. Ушбу марказ миграция жараёнлари билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилиб, қонунбузарликларни самаралироқ аниқлашга хизмат қилади.









