Сахалин вилояти прокуратураси маълумотларига кўра, 67 ёшли маҳаллий фуқаро хорижликларни яшаш манзилига сохта рўйхатга олганлиги учун учинчи бор судланди. Аёл 2025-йилнинг сентябр-декабр ойлари ҳамда 2026-йилнинг феврал-апрел ойлари давомида жами 106 нафар хорижий фуқарони ўз уйида рўйхатдан ўтказган. Тергов хулосасига кўра, у мигрантлар ушбу манзилда яшамаслигини олдиндан билган.
Суд аёлга нисбатан 1 йил 8 ой муддатга колонияда жазо ўташ ҳукмини чиқарди. Аввалроқ у худди шу турдаги қонунбузарлик учун икки марта судланган бўлса-да, ўз фаолиятини тўхтатмаган. Прокуратура аввалги жазо чоралари етарли самара бермаганини таъкидлаб, реал қамоқ жазосини талаб қилган.
Судланувчи ҳукм устидан апелляция шикояти берган, бироқ юқори инстанция суди қарорни ўзгаришсиз қолдирди. Ҳозирги кунда сохта рўйхатга олиш билан боғлиқ бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия қонунчилигига кўра, хорижлик фуқароларни ҳақиқатда яшамайдиган манзилга рўйхатга қўйиш (яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш) ноқонуний ҳисобланади. Бундай рўйхатга олиш ҳолатлари аниқланганда, мигрантларнинг яшаш жойи бўйича ҳисобга олиниши бекор қилиниши ва уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши мумкин.









