Татаристон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январидан августигача бўлган даврда судлар томонидан миграция тартиби ва меҳнат фаолияти қоидаларини бузганлик учун 2731 та чиқариб юбориш қарори қабул қилинган. Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 996 тани ташкил этган эди.
Шунингдек, жорий йилнинг саккиз ойи давомида 5280 нафар хорижлик фуқарога Россияга кириш тақиқланган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1711 тани ташкил этган. Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён 78 та депортация қарори қабул қилинган.
Россия қонунчилигидаги ўзгаришларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун чиқариб юбориш чораси қўлланиладиган моддалар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда майда безорилик, митинглардаги қоидабузарликлар, йўлларни тўсиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва бошқа бир қатор қоидабузарликлар учун ҳам хорижликлар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин.
Иш берувчилар учун ҳам назорат кучайтирилган. Хусусан, хорижий фуқаро билан меҳнат шартномаси тузилганлиги тўғрисида 3 кунлик муддатда хабарнома тақдим этмаган ташкилотларга нисбатан 607 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Миграция соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаш бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.









