Бошқирдистоннинг Дюртюлин туманида истиқомат қилувчи хорижлик фуқаро суд қарори билан ўзига мерос бўлиб ўтган ер участкасини сотишга мажбур қилинди. Бу ҳақда республика прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, мазкур шахс 2014-йилдан буён қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган ер участкасига мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиб келган. Ер унга отасидан мерос бўлиб қолган. Бироқ Россия қонунчилигига кўра, хорижий фуқаролар қишлоқ хўжалиги ерларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эгалик қилишлари мумкин.
Прокуратура текшируви натижасида ушбу ҳолат қонун бузилиши деб топилди. Қонунга биноан, агар хорижлик шахс бундай турдаги ер участкасига эгалик қилса, у бир йил муддат ичида ерни бегоналаштириши (сотиши) шарт. Белгиланган муддат ўтганига қарамай, мулк эгаси ерни сотмагани сабабли прокуратура судга даъво аризаси киритган.
Суд прокуратуранинг талабини тўлиқ қаноатлантирди. Эндиликда хорижлик фуқаро ўзига тегишли бўлган ер участкасини оммавий савдолар орқали сотишга мажбур этилди.







