SOS
Ҳуқуқ

Хорижликдан автомобиль сотиб олаётганда нақд пул ишлатиш 1,3 млн рубл жаримага сабаб бўлди

Хорижликдан автомобиль сотиб олаётганда нақд пул ишлатиш 1,3 млн рубл жаримага сабаб бўлди

Екатеринбург шаҳрида яшовчи фуқаро хорижликдан 6,5 миллион рублга автомобиль сотиб олиб, тўловни нақд пул кўринишида амалга оширгани учун йирик жаримага тортилди. Свердловск вилояти судлари матбуот хизмати хабарига кўра, харидор Россия валюта резиденти, сотувчи эса резидентлик мақомига эга бўлмаган чет эл фуқароси бўлган. Россия қонунчилигига кўра, резидент ва норезидент ўртасидаги бундай олди-сотди операцияси валюта операцияси ҳисобланади ва у фақат банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилиши шарт.

Божхона органлари текшируви давомида тўлов нақд пулда ўтказилгани аниқланган. Натижада харидорга нисбатан Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 15.25-моддаси 1-қисми билан баённома тузилган. Божхона идораси ноқонуний операция суммасининг 20 фоизи миқдорида, яъни 1 миллион 300 минг рубл жарима белгилаган. Екатеринбургнинг Ленин туман суди ва Свердловск вилоят суди ушбу қарорни ўз кучида қолдирди.

Ҳуқуқшунос Евгения Сабитованинг тушунтиришича, Россияда доимий яшаш учун рухсатномаси (ВНЖ) бўлмаган ҳар қандай чет эл фуқароси валюта қонунчилигида норезидент ҳисобланади. Агар сотувчида ВНЖ бўлмаса, у билан автомобиль олди-сотдисини нақд пул билан амалга ошириш тақиқланади. Бундай ҳолатда тўлов фақат сотувчининг Россия банкидаги ҳисоб рақамига ўтказилиши, аккредитив ёки эскроу-ҳисоб рақамлари орқали бажарилиши талаб этилади.

Мутахассислар битим тузишдан олдин сотувчининг ҳужжатларини, хусусан, паспорти ва ВНЖ мавжудлигини текширишни тавсия қилади. Агар тўлов нақд шаклда амалга оширилса, жарима миқдори ноқонуний операция суммасининг 20 фоизидан 40 фоизигача етиши мумкин. Шуни ёдда тутиш керакки, белгиланган жарима тўлангандан кейин ҳам автомобиль учун тўлов мажбурияти бекор бўлмайди.

21.10.20261