28-август куни Москва шаҳрида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Россия Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари билан ишчи учрашув ўтказди. Делегация таркибидан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Миграция агентлиги директори Бехзод Мусаев ҳамда дипломатик ваколатхона раҳбарлари ўрин олди.
Учрашув давомида Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, фуқаролар ушланган тақдирда Ўзбекистон томонини ўз вақтида хабардор қилиш, миграция тадбирлари жараёнида инсон ҳуқуқларига риоя етилишини таъминлаш ва юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал етиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, назорат қилинувчи шахслар реестри ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш масалаларига алоҳида еътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистон фуқароларини Россияга ташкилий равишда ишга жойлаштириш, уларни касбий тайёргарликдан ўтказиш ҳамда миграция тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни давом еттиришга келишиб олдилар.








