Москва полицияси 2015-йилнинг июл ойида Варшава шоссесидаги банкка қилинган босқинни фош қилди. Тергов маълумотларига кўра, ўша вақтда номаълум шахс банкка кириб, кассирларга қуролга ўхшаш буюм билан таҳдид қилган ва 9 миллион рублдан ортиқ маблағни (рубл, евро ва АҚШ доллари) ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Жиноят содир этилган вақтда полиция ходимлари банк яқинидаги чиқинди контейнеридан жиноятчига тегишли бўлиши мумкин бўлган курткани топишган. Экспертиза ушбу кийимдан номаълум шахснинг ДНК профилини ажратиб олиб, федерал базага киритган. Бироқ, ўша вақтда гумонланувчини аниқлаш имкони бўлмаган.
Орадан 11 йил ўтиб, Твер вилояти ИИВ экспертиза марказидан олинган маълумотлар асосида ДНК профили яқин хориждан келган 56 ёшли фуқаронинг генетик маълумотлари билан мос келгани аниқланди. Шундан сўнг, суд-портрет экспертизаси ва жабрланувчилардан бирининг кўрсатмаси гумонланувчининг шахсини тасдиқлади.
Россия ИИВ ва Москва полицияси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида гумонланувчи Москва вилоятидаги яшаш манзилида қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисми (босқинчилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш танланган.









