Коми Республикаси ИИВ Миграция масалалари бошқармаси бошлиғи Сергей Вагнер 21-октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда минтақадаги ҳуқуқ-тартибот ҳолати бўйича ҳисобот тақдим этди. Унга кўра, 2026-йилнинг ўтган 9 ойи давомида хорижий фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар умумий кўрсаткичнинг 0,7 фоизини ташкил этган.
Статистик маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада пасайган. 2025-йилнинг 9 ойида мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар улуши 1,3 фоизни ташкил этган эди. Хусусан, жиноятлар сони 50 тадан 26 тага қисқарган. Шунингдек, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар сони 15 тадан 5 тага камайгани қайд этилди.
Жорий йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳванд моддалар савдоси ёки жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар қайд этилмади. Аниқланган қонунбузарликлар орасида икки марта пора беришга уриниш ва тақиқланган рамзларни оммавий намойиш этиш билан боғлиқ битта экстремистик характердаги ҳолат мавжуд.
Минтақавий таҳлилларга кўра, Коми Республикасидаги кўрсаткичлар Россия бўйича ўртача (3,4 фоиз) ва Шимоли-Ғарбий федерал округдаги (4,1 фоиз) статистикадан анча паст. Бироқ, ҳудудий кесимда Усинск шаҳрида жиноятчиликнинг ўсиши кузатилган: у ерда 2026-йилнинг 9 ойида 12 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 6 тани ташкил этган эди.









