Красноярск шаҳрида хорижлик фуқаро гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотишда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмига кўра, у жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.
Аниқланишича, Тожикистонлик шахс 2025-йилнинг ёзида Россияга келган ва мамлакатда қонуний асосларсиз яшаб келган. Ишга жойлашишда юзага келган қийинчиликлар сабабли у интернет орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи дўконга “закладчик” сифатида ишга кирган ва кейинчалик танишини ҳам бу ишга жалб қилган.
2025-йилнинг август ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида улар йирик миқдордаги тақиқланган моддаларни жойлаштираётган вақтда қўлга олинган. Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаган бўлса-да, тергов томонидан тўпланган далиллар унинг айбини тўлиқ тасдиқлаган.
Ушбу ҳолат хорижда иш излаётган мигрантлар учун огоҳлантириш бўлиб, интернет орқали таклиф этилаётган шубҳали ва ноқонуний “даромад” манбалари оғир жиноий жавобгарликка олиб келишини эслатади.









