Набережные Челнда миграция соҳасидаги коррупцион схемалар юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди. Россия ИИВ бўлими ходими Марказий Осиё давлатлари фуқароларидан мунтазам равишда пора олганликда гумонланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, мазкур шахс 2025-йилнинг май ойидан 2026-йилнинг сентябрь ойига қадар, яъни бир ярим йил давомида хорижликларга патентларни тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб берган ҳамда миграция ҳисоби бўйича махфий маълумотларни тақдим этиб келган.
Ушбу жиноят иши доирасида полиция ходимидан ташқари, пора беришда гумон қилинган 4 нафар шахс ҳам қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. Тергов жараёнида ўзбек диаспораси вакиллари билан боғлиқ уюшган гуруҳ фаолияти аниқланди. Гуруҳнинг асосий иштирокчиларидан бири полиция ходими билан боғловчи бўғин вазифасини бажарган ва пул ўтказмаларини амалга оширган.
Аниқланишича, мазкур гуруҳ 100 дан ортиқ Марказий Осиё фуқаросининг Россияда ноқонуний бўлишини ташкиллаштиришда гумон қилинмоқда. Миграция ҳисобини узайтириш учун сохта ҳужжатлар, жумладан, қалбаки меҳнат шартномалари тайёрланган. Ушбу шахслар хусусий қурилиш объектларида норасмий тарзда ишлашга жалб қилинган.
Текширувлар натижасида ушбу мигрантларнинг ҳеч бири Федерал солиқ хизмати базаларида тегишли корхона ходими сифатида расман рўйхатдан ўтмагани маълум бўлди. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.









