Оренбург шаҳрида хорижлик фуқаро йўл-патруль хизмати ходимига пора беришга уринишда гумонланиб қўлга олинди. Воқеа шаҳар марказидаги Дзержинский шоҳ кўчасида содир бўлган.
Россия ИИВнинг Оренбург шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари йўл ҳаракати қоидасини бузган, яъни пиёдага йўл бермаган «Lada Granta» автомобилини тўхтатган. Текширув давомида 40 ёшли ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.
Маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ҳайдовчи инспекторга 3000 рубль миқдоридаги пулни автомобиль эшиги чўнтагига ташлаб, пора сифатида бермоқчи бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уни бундай ҳаракат жиноят ҳисобланиши ҳақида олдиндан огоҳлантирганига қарамай, у ўз ниятидан қайтмаган.
Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чақирилган. Ҳозирги вақтда хорижлик фуқарога нисбатан Россия Жиноят кодексининг 291.2-моддаси 1-қисми (майда порахўрлик) ҳамда 30-моддаси 3-қисми (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Суд томонидан гумонланувчига нисбатан яшаш жойидан чиқиб кетмаслик ва тегишли хулқ-атвор сақлаш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.









