Россиянинг Астрахан вилоятида ўтказилган «Ноқонуний мигрант – 2026» операцияси доирасида давлатлараро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. 2004-yilda туғилган ушбу шахс «Караузек» автомобиль ўтказиш пункти орқали мамлакатдан чиқиб кетишга уринаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тўхтатилган.
Маълум бўлишича, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» банди (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Март ойида унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган ва у давлатлараро қидирувга берилган эди.
Текширув давомида гумонланувчининг Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб тургани аниқланган. У бир неча ой давомида Волгоград вилоятидаги қурилиш объектларидан бирида ишлаган. Миграция қоидаларини бузгани учун унга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Астрахан полицияси мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига хабар берган. Ҳозирда қидирувдаги шахс тергов изоляторига жойлаштирилган бўлиб, у Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини кутмоқда.









