Вологда вилояти суди 26 ёшли хорижлик фуқарони Россия Жиноят кодексининг 131-моддаси билан айбдор деб топди. Суд қарорига кўра, эркак 4 йил давомида умумий тартибли колонияда жазо ўтайди.
Воқеа жорий йилнинг 15-март куни тунги вақтда содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, судланувчи ўз автомобилида 41 ёшли аёлни манзилига етказиб қўймоқчи бўлган. Соат 04:00 атрофида Жанубий шоссе ва Шекснинский проспекти кесишмасида тўхтаган автомобил ичида эркак йўловчига нисбатан зўравонлик қилган.
Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаган ва фақат йўловчини манзилига ташлаб қўйганини, ҳеч қандай жиноят содир этилмаганини даъво қилган. Бироқ жабрланувчининг кўрсатмалари суд томонидан ишончли деб топилди. Суд ҳукмига кўра, маҳкум жабрланувчига маънавий зарар учун 100 минг рубль миқдорида компенсация тўлаши ҳам белгиланди.









