Қашқадарёлик 30 ёшли А.Х. 2024-йил март ойида Россияга ишлаш учун борган ва етказиб бериш хизматида фаолият юритган. 2024-йил 1-апрелда у полиция томонидан тўхтатилиб, юклари орасидан 96 грамм героин ва 76 грамм психотроп моддалар топилгани сабабли қўлга олинган. 2024-йил 15-ноябрда суд уни 10 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Қамоқхонада ўтирган вақтида унга Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий шартнома имзолаш таклиф қилинган. Унга муддатидан олдин озодликка чиқиш, Россия фуқаролигини олиш, 400 минг рубль миқдорида бир марталик тўлов ва ойига 210 минг рубль маош ваъда қилинган. Натижада, 2025-йил 18-июлда у шартнома имзолаб, қамоқдан озод этилган ва Луганск вилоятига юборилган.
Ҳарбий тайёргарлик вақтида мотоциклдан йиқилиб, ўнг ўмров суягини синдириб олган А.Х. Волгоград госпиталида даволанган. 2025-йил 22-августда у ҳарбий қисмдан қочиб, 23-август куни Ўзбекистонга қайтиб келган ва ҳуқуқ-тартибот органларига ўз ихтиёри билан таслим бўлган. У жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини билдирган.
Ўзбекистон суди унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва оғир моддий аҳволини инобатга олган. Якуний қарорга кўра, унга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унга яшаш жойини ўзгартириш ва Қашқадарё вилоятидан рухсатсиз чиқиб кетиш тақиқланди.









