SOS
Жиноят

Россияда яшаш рухсатномасини ноқонуний олишга уринган шахс 12 млн рубл жаримага тортилди

Россияда яшаш рухсатномасини ноқонуний олишга уринган шахс 12 млн рубл жаримага тортилди

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Иркутск вилояти бўйича бошқармаси хабарига кўра, Ангарск шаҳрида 37 ёшли маҳаллий фуқаро пора берганликда айбдор деб топилди. Суд жараёнида аниқланишича, эркак 2025-йилнинг октябр ойида Россия ИИВнинг Ангарск шаҳар округи бўйича миграция масалалари бўлими ходимига пора таклиф қилган.

Маълум бўлишича, судланувчи ўзининг хориж фуқароси бўлган турмуш ўртоғи учун яшаш рухсатномасини (ВНЖ) ноқонуний йўллар билан расмийлаштириб бериш эвазига полиция ходимига 200 минг рубл миқдорида пул таклиф қилган. Бироқ, полиция ходими порани олишдан қатъий бош тортган ва бу ноқонуний ҳаракат ҳақида ўз раҳбарларига хабар берган.

Ушбу ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 291-моддаси 4-қисми «б» банди (йирик миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давомида тўпланган далиллар суд томонидан етарли деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, айбланувчи 12 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди. Ушбу воқеа хорижликларнинг Россияда қонуний мақом олиши учун ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш зарурлигини яна бир бор эслатади.

12.10.20261