SOS
Жиноят

Тулада мигрантлар меҳнатидан фойдаланган йирик қалбаки алкоголь заводи фош этилди.

Тулада мигрантлар меҳнатидан фойдаланган йирик қалбаки алкоголь заводи фош этилди.

Россиянинг Тула вилояти Ширинский посёлкасида полиция ва Росгвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний мигрантлар меҳнатидан фойдаланиб келинган улкан яширин алкоголь заводи тугатилди.

Тўртта йирик капитал бинодан иборат ҳудудда йўлга қўйилган ушбу яширин бизнесда саноат даражасидаги махсус қуйиш линиялари туну кун ишлаб келган. Тинтув жараёнида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 58 мингдан ортиқ шиша тайёр қалбаки алкоголь маҳсулоти, 12 минг литрга яқин таркибида спирт бўлган суюқлик ҳамда тайёр маҳсулотларни ташишга мўлжалланган 2 та йирик юк автомобили мусодара қилинди.

Мазкур жиноий схеманинг асосий ишчи кучи сифатида ташқи дунёдан яширинган ҳолда завод ҳудудида ноқонуний яшаб ва меҳнат қилиб келган 9 нафар хорижлик мигрант жалб қилингани аниқланди. Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан нафақат ушбу хорижий ишчилар, балки жиноий тармоқнинг тахминий ташкилотчиси ва юк машинаси ҳайдовчиси ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда қўлга олинган барча 11 нафар гумонланувчига нисбатан маркаланмаган маҳсулотларни йирик миқдорда ишлаб чиқариш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, суд қарори билан уларнинг барчасига қамоққа олиш эҳтиёт чораси белгиланди.

Бундан ташқари, завод эгасига нисбатан мигрантларни ноқонуний ишлатгани учун "Ноқонуний миграцияни ташкил этиш" айблови билан қўшимча жиноий иш очилган бўлса, хорижлик ишчиларнинг ўзларига нисбатан миграция қонунчилигини бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

15.10.20261