Россиянинг Москва вилояти Одинцово шаҳар округига қарашли Новоивановское қўрғонида жойлашган хостеллардан бирида йирик ўғирлик юз берди. Бу ҳақда вилоят Росгвардия бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига таяниб, маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Западная кўчасидаги хостелга тунда «Хавф» (Тревога) тугмаси босилгани сабабли Росгвардия ходимлари етиб келишган. Суриштирув давомида маълум бўлишича, гумонланувчи тунда хонадошларининг йўқлигидан фойдаланиб, улардан бирига тегишли бўлган 250 минг рубллик олтин ва заргарлик буюмларини ўғирлаб кетган.
Ўғри жиноят изини яшириш мақсадида тақинчоқларни бошқа хавфсиз жойга яшириб қўйган ва ҳеч нарса бўлмагандек хонага қайтиб келган. Бироқ у кўп ўтмай воқеа жойида қўлга олинди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўғирликда гумонланаётган 26 ёшли яқин хориж давлатларидан бирининг фуқаросини воқеага тўлиқ ойдинлик киритиш ва тергов ҳаракатларини олиб бориш учун полиция бўлимига топширишган. Хозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.









