Россия Тергов қўмитасининг Амур вилояти бўйича бошқармаси 49 ёшли Марказий Осиё давлати фуқаросига нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов якунланганини маълум қилди. У Россия Жиноят кодексининг 318-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига нисбатан ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўравонлик ишлатиш) бўйича айбланмоқда.
Воқеа 2026-йилнинг август ойида Р-297 «Амур» автомобиль йўлида содир бўлган. ЙПХ инспектори ҳужжатларни текшириш учун тўхтатган ҳайдовчида мастлик аломатларини аниқлаган. Шунингдек, текширув давомида фуқаронинг Россияда бўлиш муддати ўтиб кетгани, тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ва тахограф қоидаларини бузган ҳолда автомобиль бошқаргани маълум бўлган.
Маъмурий баённома расмийлаштирилиши ва автомобиль жарима майдончасига қўйилишидан хавфсираган ҳайдовчи воқеа жойидан яширинишга уринган. Инспектор уни тўхтатишга уринганда, айбланувчи ходимнинг бўйин ва елка қисмига бир неча бор зарба берган. Натижада ходим енгил тан жароҳати олган, бироқ двигателни ўчириб, ҳайдовчини қўлга олишга муваффақ бўлган.
Тергов давомида жабрланувчининг кўрсатмалари ва патруль автомобилидаги видеорегистратор ёзувлари далил сифатида олинган. Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаган бўлса-да, суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши судга оширилишга тайёрланмоқда.









